Тиббиёт марказларини босқичма-босқич тижоратлаштириш режалаштирилмоқда.
Улар хўжалик жамиятларига айлантирилади ва жумладан, акциялар пакетини оммавий савдоларда сотиш орқали, хусусий инвесторлар жалб қилинади.
Бу 28 августдаги иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва хусусийлаштиришни жадаллаштириш тўғрисидаги президент фармонида назарда тутилган.
Ҳужжатга кўра, улар хўжалик жамиятларига айлантирилади, уларнинг фаолиятига хусусий инвесторларни жалб қилиш режалаштирилмоқда.
Хусусий капитални жалб қилиш усулларидан бири бундай ташкилотларнинг устав капиталидаги акциялар пакетини оммавий савдоларга чиқариш бўлади.
Шу билан бирга, ҳужжатда ўзгартириш дахл қиладиган олий таълим муассасалари ва тиббиёт марказларининг рўйхати келтирилмаган, инвесторларга таклиф қилиниши мумкин бўлган пакетлар ҳажми ва ушбу чорани амалга оширишнинг аниқ муддатлари кўрсатилмаган.
2025 йил сентябрида президент бешта тиббиёт марказига (республика бўйича жами 24 та) хорижлик профессионал менежерларни жалб қилиш ёки уларни хориждаги клиникалар бошқарувига бериш имкониятини ўрганишни топширганди. Бунда туркиялик мутахассислар фаолият юритаётган Республика онкология ва радиология маркази мисол қилиб кўрсатилган.
Тижорат фаолияти билан шуғулланувчи давлат муассасалари ҳам компанияларга айлантирилади
Тижорат фаолияти билан шуғулланувчи давлат муассасалари 2026 йил 1 декабрга қадар хўжалик жамиятларига айлантирилиши керак. Фаолияти бошқарув, ижтимоий-маданий ёки бошқа нотижорат соҳага тааллуқли бўлган муассасалар бундан мустасно.
Бундан ташқари, давлат бюджетидан молиялаштириш манбасига эга бўлмаган давлат муассасаларини ташкил этиш тақиқланади. Бу норма мудофаа ва хавфсизлик билан боғлиқ муассасаларга, шунингдек, президент қарорларида алоҳида назарда тутилган ҳолатларга татбиқ этилмайди.
Яна бир ўзгариш давлат иштирокидаги корхоналар тизимига кирувчи муассаса шаклидаги носоҳавий ташкилотларга тааллуқли. Уларни бундай корхоналар таркибидан чиқариш, хўжалик жамиятларига айлантириш ва оммавий савдоларга чиқариш топширилган.
Чора-тадбирлар иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш бўйича янги пакетга киради. Фармон 84 та жамият устав капиталидаги давлат улушларини, 1242 та кўчмас мулк объектини ва 8 минг гектар ер участкаларини савдога чиқаришни назарда тутади.
Бундан ташқари, давлат иштирокидаги 85 та корхонани тугатиш ва қайта ташкил этиш кўзда тутилган. Улар бўйича бошқарув органлари 1 ноябрга қадар тугатиш ёки қайта ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилиши, жараёнларнинг ўзи эса тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги қонунчилик қўлланиладиган ҳолатлардан ташқари, 2026 йил охирига қадар якунланиши керак.



