БАА Нетаняҳуни ҲАМАСнинг 7 октябрдаги ҳужуми ҳақида бир неча кун… — Burchak | Rasmiy kanal — TG.ME

🇦🇪🇮🇱🇵🇸 БАА Нетаняҳуни ҲАМАСнинг 7 октябрдаги ҳужуми ҳақида бир неча кун олдин огоҳлантирган

Бирлашган Араб Амирликлари раҳбари шайх Муҳаммад бин Зоид 2023 йилда Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуни ҲАМАС гуруҳи Исроилга йирик ҳужум уюштиришга тайёргарлик кўраётгани ҳақида бевосита огоҳлантирган. Бу ҳақда манбаларига таяниб Haaretz нашри хабар берди.

ҲАМАСнинг ўша пайтдаги етакчиси Яҳё Синвар Исроилга қарши кенг қамровли қуролли амалиёт режалаштираётгани ҳақида БАА президенти ҳужумдан 10 кун олдин Нетаняҳуга маълум қилган. Муҳаммад бин Зоид бу ҳолат қон тўкилишига олиб келиши, минтақани беқарорлаштириши ҳамда “Иброҳим келишувлари”га зарар етказишини айтган.

Бироқ Нетаняҳу бу маълумотга хотиржам муносабат билдирган. У БАА президентига Исроил ҳар қандай вазиятга тайёрлигини ва эҳтимолий ҳужум кўпроқ Ғазо секторидан эмас, босиб олинган Ғарбий соҳилдан бўлишини айтган.

Нетаняҳу идораси ушбу хабарни мутлақо ёлғон деб атади. Исроил бош вазири идораси Нетаняҳу БАА раҳбари билан кўрсатилган даврда гаплашмагани ва ундан ҳеч қандай огоҳлантириш олмаганини билдирди. БАА Ташқи ишлар вазирлиги эса раҳбарлар ўртасидаги суҳбатларга изоҳ бермаслигини маълум қилди.

Нетаняҳу 7 октябр воқеалари бўйича расмий давлат текшируви ўтказилишини рад этиб келмоқда. Шу йилнинг октябр ойида Исроилда парламент сайловлари бўлиб ўтади. 7 октябр воқеалари сайлов кампаниясининг асосий мавзусига айланган. Нетаняҳунинг асосий рақиби, собиқ генерал Гади Эйзенкот бош вазирни ҲАМАС ҳужуми ҳақида ўнлаб огоҳлантиришларни эътиборсиз қолдирганликда айблади ва уни вазифасига нолойиқ деб атади. Бошқа бир рақиб Нафтали Беннет эса минглаб исроилликларнинг ўлимига олиб келган муваффақиятсизлик учун жавобгарлик Нетаняҳунинг зиммасида эканини билдирди.

2023 йил 7 октябр куни ҲАМАС томонидан амалга оширилган ҳужумида 1200 га яқин одамни ўлдирилган ва 251 киши гаровга олинган. Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, Исроилнинг Ғазодаги ҳарбий амалиётлари оқибатида шу кунгача 73 650 дан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган.

🔥Уруш ҳақидаги энг сўнгги видео янгиликларни @BURCHAK каналида кузатиб боринг.
❤4😢2👏1
September 9, 2026 1.9K 1