УЧҚЎРҒОН КЎЧАЛАРИ ШАҲАРСОЗЛИК ТАЛАБЛАРИ АСОСИДА ЯНГИЛАНМОҚДА
Учқўрғон туман марказидаги асосий кўчалар шаҳарсозлик нормалари ва замонавий талаблар асосида босқичма-босқич тартибга келтирилмоқда.
Жумладан, Андижон кўчасида кенг кўламли ободонлаштириш ва инфратузилмани яхшилаш ишлари олиб борилмоқда. Транспорт ҳаракати учун муҳим аҳамиятга эга бўлган ушбу кўчадаги чорраҳа қайта ташкил этилиб, унинг ўрнига айлана ҳаракат йўли барпо этилмоқда.
Шунингдек, кўча йўллари кенгайтирилиб, ҳаракат хавфсизлиги ва қулайлигини оширишга қаратилган ишлар амалга оширилмоқда. Тунги вақтда кўчаларнинг ёритилишини яхшилаш мақсадида замонавий ёритиш чироқлари ўрнатилмоқда.
Ҳудуддаги муҳандислик инфратузилмаси ҳам эътибордан четда қолмаяпти. Жумладан, дренаж тизими такомиллаштирилиб, ирригация тармоқлари яхшиланмоқда. Бу эса ёмғир ва оқова сувларни самарали чиқариш, кўчалар ҳолатини сақлаш ҳамда ҳудуд ободлигини таъминлашга хизмат қилади.
Бугунги ўзгаришлар нафақат кўчаларнинг ташқи қиёфасини янгилаш, балки транспорт ҳаракати хавфсизлиги, пиёдалар учун қулайлик ва шаҳар инфратузилмасини замонавий талаблар асосида ривожлантиришга қаратилган.
Учқўрғон марказидаги бундай комплекс ишлар туман қиёфасини янада замонавий ва обод масканга айлантиришга хизмат қилмоқда.
8August 28, 2026 2.6K 2 5