🌿 Бир дона ноннинг ҳаққи
Ривоят қилинишича, бир солиҳ киши тушида жаннат билан дўзах орасида туриб қолганини кўради. У ҳайрон бўлиб:
— «Эй Роббим, мен намоз ўқидим, рўза тутдим, садақа қилдим. Нега жаннатга киролмаяпман?» — деб сўрайди.
Шунда унга:
— «Сен бир куни қўшнингнинг ҳаққи бўлган бир дона нонни рухсатсиз олган эдинг. У ҳақ эгаси рози бўлмагунча жаннатга кира олмайсан», — деган жавоб келади.
У уйғониб, қўшнисини топади, кечирим сўрайди ва ҳақини адо қилади. Ана шундан кейингина қалби хотиржамлик топади.
Бу ривоятнинг маъноси шуки, Аллоҳ таоло Ўзига қилинган гуноҳларни, агар банда тавба қилса, кечириши мумкин. Аммо бандаларнинг ҳаққи эгаси рози бўлмагунча кечирилмайди.
Яна Расулуллоҳ ﷺнинг машҳур ҳадислари бор:
«Биласизларми, муфлис ким?»
Саҳобалар:
— «Бизча, муфлис — пули ва моли йўқ одам», — дедилар.
Расулуллоҳ ﷺ дедилар:
«Менинг умматимдан ҳақиқий муфлис қиёмат куни намоз, рўза ва закоти билан келади. Аммо бировни ҳақорат қилган, бировга туҳмат қилган, бировнинг молини ноҳақ еган, қонини тўккан ёки урган бўлади. Шунда унинг савоблари ҳақ эгаларига берилади. Агар савоблари тугаб қолса, уларнинг гуноҳлари унга юкланади, кейин эса дўзахга ташланади.»
(Имом Муслим ривояти)
Бу ҳадис бизга шуни ўргатадики, бировнинг ҳаққи билан яшаш инсоннинг йиллаб қилган ибодатларини ҳам йўқ қилиши мумкин.