БОМДОД НАМОЗИГА УХЛАБ ҚОЛМАСЛИК УЧУН...
Кунлардан бир кун устозим билан яккама-якка қолдик. Шунда бошқа пайтда беролмайдиган саволимни секингина сўрадим:
-Устоз, баъзида уйқу зўрлик қилиб, бомдод намозига туролмай қоламан. Одобсизлигим учун кечиринг-у, сизда ҳам шундай бўлиб турадими?
-Мен охирги 25 йилда бирор марта ҳам бомдод намозига ухлаб қолганим йўқ, – деб жавоб бердилар устоз.
Ҳайратланиб сўрадим:
-Наҳотки бунинг иложи бўлса? Илтимос, устоз, менга ҳам бунинг йўлини ўргатинг!
Устоз гап бошладилар:
-Тасаввур қилинг, ухлаб ётганингизда бошингизни устига сиз қаттиқ ҳурмат қиладиган жуда катта лавозимдаги давлат раҳбари келиб, “тез ўрнингиздан туриб, МЕН УЧУН 15 дақиқа ичида (унча қийин бўлмаган) фалон ишни қилинг” деса, нима қиласиз?
-Албатта, ўйлаб ҳам ўтирмай, югуриб туриб айтилган ишни бажараман! – деб жавоб бердим мен.
-“Узр, уйқум ширинлик қиляпти, яна бироз мизғиб олай” деб айта оласизми?
-Йўғ-е, устоз, бундай дейишга одам уялади-ку! Ахир шундай катта раҳбар бошингизни устида тик турса-ю, қайси юз билан буйруқни бажармай, чўзилиб ётаверасиз?! Раҳбар бошқа хонада бўлиб, сизни кўрмай турганда ҳам бошқа гап эди, - дедим мен. Устоз давом эттирдилар:
-Яшанг, мен ана шу нарсани ўзимга қоида қилиб олганман. Соатим жиринглаши биланоқ, 2-3 сония ҳам ўтмасдан, тез ўрнимдан тураман. (Чунки 10-15 сония ёки 1-2 дақиқа чўзилиб олай десангиз, ухлаб қоласиз!) Нафсим “яна бирозгина мизғиб ол” дейишга улгурмасидан югуриб тураман! Жиринглаган овозни эшитишим биланоқ, Аллоҳ таоло мени кўриб турибди-ку, тез ибодатга туришимни буюряпти-ку, шундай Зотнинг буйруғини бажармай, Унинг олдида қандай чўзилиб ётаман?!, деган нарсани ўйлайман. Шундай фикрлагандан кейин, ҳеч ҳам қийналмасдан тураман.
Сиз ҳам худди шундай фикрланг ва худди шундай қилинг. Шунда бомдодга туриш муаммосидан қутуласиз.
Halovatuz
HIKOYANEW