Ҳинд таълимотларининг ифода шакллари, ғарб тафаккури ўрганиб қолган барча нарсалардан мутлақо фарқ қилишига қарамай, нисбатан енгилроқ ўзлаштирилади ва мослаштириш учун кўпроқ имконият беради; шу маънода айтиш мумкинки, Ҳиндистон, Шарқ мамлакатлари умумий мажмуасида ўрта мавқени эгаллаган ҳолда, Ғарбга нисбатан на ҳаддан ташқари узоқ, на ҳаддан ташқари яқиндир. Бизга энг яқин цивилизацияга таяниш ҳолатида ҳам, бошқа турдаги, аммо сезиларли бўлган жиддий номувофиқликлар пайдо бўлар эди, уларни қоплайдиган ҳақиқий афзалликлар эса унчалик кўп эмас, чунки мусулмон цивилизацияси ҳам, шарқнинг янада узоқроқ цивилизациялари каби, ғарбликларга деярли яхши маълум эмас; айниқса, бизни қизиқтираётган унинг метафизик томони улар учун мутлақо тушунарсиз бўлиб қолмоқда. Тўғри, мусулмон цивилизацияси - ўзининг эзотерик ва экзотерик жиҳатлари ҳамда уларни қамраб олган диний шакли билан - Ғарбнинг традициявий цивилизацияси қандай бўлишини таҳмин қилиш имконини берадиган энг яқин намунадир, аммо айнан шу диний шаклнинг мавжудлиги, яъни исломнинг маълум маънода Ғарбга ҳам тегишли бўлиб кўриниши, муайян ғурур ва ҳассосликни уйғотиш хавфини туғдиради, бу ҳассослик, қанчалик асосли бўлмасин, барибир маълум хавфни ўз ичига олади: турли соҳаларни ажрата олмайдиган инсон диний асосларда ҳамкорлик қилиш мумкин, деб хато умид қилади, ҳолбуки, Ғарб оммаси орасида (ва бизнинг назаримизда, псевдо-интеллектуалларнинг аксарияти айнан шу қатламга киради) исломий нарсаларга нисбатан нафрат Шарқнинг бошқа барча таълимотларига нисбатан кучлироқдир.
Ислом таълимотига нафратни ҳаракатга келтирувчи асосий омилларнинг катта қисмини – қўрқув ташкил қилади, айниқса англосаксон мамлакатларида бу қўрқув янада кескин шаклда намоён бўлади, бу психик ҳолат фақат тушунмаслик натижасидир; аммо бу турдаги қўрқув мавжуд экан, энг оддий эҳтиёткорлик нуқтаи назаридан ҳам маълум даражада уни ҳисобга олиш талаб этилади. Шаклланиш йўлидаги элита ҳар томондан учрайдиган душманликни енгишга ҳаракат қилиши лозим, шунинг учун тикланаётган элита, йўқ жойда бу душманликни кучайтирмаслиги, аҳмоқлик ва бадниятлилик учун қўл келадиган сохта гумонларга ўрин бермаслиги керак. Бу гумонлар турлича бўлиши мумкин; аммо уларни олдиндан кўриш мумкин бўлса, янада оғирроқ оқибатлар келтириб чиқармаслик учун уларнинг пайдо бўлишига йўл қўймаслик яхшироқдир; шу сабабли, биз мусулмон эзотеризмига асосий таянч сифатида суянишни ҳозирча мақсадга мувофиқ деб ҳисобламаймиз. Албатта, мусулмон эзотеризми (ўз табиатига кўра метафизик бўлгани учун) бошқа таълимотларда учрайдиган нарсаларга мутаносиб эквивалентларни таклиф қила олишини инкор этмайди; демак, яна такрорлаймиз: бу ерда (Ислом таълимотига таянишда) гап фақат мақбул вақт ва шароит ҳақида кетмоқда, чунки ҳар қандай иш учун энг қулай шароитни топиш лозим, зотан бу масала принципларга дахл қилмайди.
РЕНЕ ГЕНОН: Шарқ ва Ғарб
@Hamid_Sodiq