📝МЕНГА ФАРЗАНД БЕР...
Бугун аёли уни ҳар кунгидан-да ўзгача қарши олди. Ҳамиша маъюс, ғамгинлик ёғилиб турувчи нигоҳлари умид билан чақнар, ҳатто анчадан бери упа-элик нелигини унутган юзларига-да, билинар-билинмас пардоз берилганлиги сезилиб турарди. Моҳинурни бундай кайфиятда кўрган Суҳроб аввалига кўзларига ишонмади. Кун бўйи силласини қуритган чарчоқ ҳам аллақаёққа йўқолди гўё. "Тинчлик бўлсин-да”.
- Келинг, буёққа юринг…- Моҳинур сирли жилмайганича Суҳробнинг билагидан тортиб ичкари уйга судради.
- Тинчликми ўзи, Моҳи?
- Тинчлик, тинчлик, - Моҳинур стол устида турган газетани олиб Суҳробга узатди, - Қаранг бунга!
Суҳроб газетада аёли ишора қилган мақолага бир қур кўз ташлади-ю, юраги жимирлаб кетди. Мақола сунъий уруғлантириш орқали юзага келадиган ҳомиладорлик тўғрисида эди. Эҳ, бечора Моҳинур… Беш йилдирки, сўнгги умидлари-да пучга чиқиб улгурган, мана анчадан бери илк бора, тим қора кўзларида яна бир миттигина илинж шуъласи чақнай бошлаган аёлига қараб туриб, ғалати бўлиб кетди. Аста қўлидаги газетани ерга ташлади-ю, хотинини бағрига босди.
- Моҳи…
- Суҳроб ака-а, чиқмаган жондан умид, шуни ҳам бир синаб кўрайлик? Ахир мана, неча минглаб аёллар шу йўл билан фарзандли бўлишган деб ёзибдик-у, шояд…
- Моҳи… - Суҳробнинг овози титраб кетди. Айни дамда у аёлини овутишдан ҳам кўра, ўзи бир овунчга муҳтож эканлигини ҳис этар, яна бир оғиз гапиргудек бўлса йиғлаб юборишдан ўзини тиёлмаслигини сезаётганди.
- Илтимо-ос, жо-он Суҳроб ака, йўқ деманг…
Бўлмади. Суҳроб хотинини қучоғидан итарди-ю, юзини ювиб тушаётган кўзёш томчиларини яшириш учун тескари қараб, ҳовлига шахд билан чиқиб кетди…
- Доктор, бошқа бирор йўли бордир, ахир? - Суҳроб қошу киприкларигача оқариб кетган кекса докторга илтижо билан тикилди.
- Бошқа йўли бўлганида, ўша йўлдан бормасмидик, Суҳроббек?.. Сиз ҳам тушунишга ҳаракат қилинг. Аёлингиздаги яллиғланиш ўтиб кетиб, ўсимтага айланган. Олиб ташламасликнинг иложи йўқ. Агар шундай қилмасак, унинг ҳаёти хавф остида қолиши мумкин, - доктор бундайларни кўравериб, тасалли беравериб пишиб кетганини шундай мудҳиш хабарни хотиржам оҳангда айтаётганидан билиш мумкин эди.
- Агар… Олиб ташланса… Бир умр бола кўролмайди, шундайми?
- Бачадон бўлмагандан кейин, бола қайдан бўлсин?
Суҳроб титраб кетди. Бир онда кўз олдидан ранглари синиқиб, озиб-тўзиб кетган, палатадаги каравотда эшикка термулганча уни кутиб ётган аёли ўтди. "Унга нима дейман?.. Нима дейман энди?!”
- Майли… Агар шу йўл билангина унинг ҳаётини сақлаб қолиш мумкин бўлса… Шундай қилинг, доктор. Фақат бир илтимос.
Доктор Суҳробнинг қизариб кетган кўзларига савол назари билан қаради.
- Буни унга билдирманг. Зинҳор… агар буни билса тамом бўлади, эшитяпсизми?..
- Ўзингизни босинг - доктор Суҳробнинг елкасига қўл ташлади, - кўнглингиз хотиржам бўлсин.
Эртасига Моҳинурни операция хонасига олиб киришди. Суҳроб аравача ёнида хотинига энгашиб йўлакдан ўтиб бораркан, унинг савол назари билан термулган нигоҳларига қараб тинчлантирди.
- Қўрқма, Моҳи, у қадар хавфли эмас экан, шунчаки кичкина жароҳат бор экан, холос. Ҳозир операция қилиб ўша ярани олишади-ю, яна тикиб қўйишади. Отдек бўлиб кетасан ҳали...
- Кетиб қолмайсиз-а, Суҳроб ака? - Моҳинурнинг овози ингроқ аралаш чиқди.
- Ёнингда бўламан, ҳеч қаёққа кетмайман!
"Шу ерда қолинг, уёғига мумкинмас”, ҳамшира Суҳробнинг елкасидан итарди. Эшиклар ёпилди… Бошини деворга суяганча ерга чўккалаб қолган Суҳроб ичида тинмай аёлининг жони омон қолишини сўраб Худога илтижо қиларди…
Мана, ўша кунларнинг ўтганига ҳам оз эмас, кўп эмас, беш йил бўлди. Беш йил…
- Суҳроб ака, келинг, мана шу табибга ҳам борайлик. Зора шифо топиб кетсак.
Аёлининг ҳар сафар умид билан боққан кўзларига қараб туриб чидаш баъзан шу қадар оғир бўлардики… "Нега мени қийнайсан, Худойим?! Шугина аёл нима гуноҳ қилгандики, бу азоб билан жазоладинг? Ўзининг бир умр фарзанд кўра олмаслигини билмай туриб, фарзанд орзусида юрган бу ожизага нима деб жавоб берай?!” Бу сўзлар Суҳробнинг юрагини адо қилар, ичидаги тўлиб ётган дардни ташига чиқармай, жимгина аёлига эргашиб, навбатдаги табибнинг остонасига бош уриб борарди.
25September 9, 2026 1.6K 5