ЎЗБЕГОЙИМ КАНАЛИ: пост #84036 — TG.ME

Келин қизим

19-қисм

Муаттарнинг маҳри ҳам тилла-узук зирак бўлди. Оғирлиги етти грамм миқдорида бўлган безак буюм розилик билан қабулқилинди. Никоҳ ўқилди.
Йигит бир кун олдин қиздан маҳрга нима олиб беришини сўраганида
—Сиз нимани маъқул кўрсангиз—шу, —деган жавобни олгач, келиб уйидагиларини хурсанд қилди.
Иброҳим куёв навкарлар билан келиннинг уйига кириб келганда Дилсўз ўзининг энг дилрабо қўшиқларини куйлаётган эди. Меҳмондорчилигу, ирим-сиримлар тугаб, келиннинг қўлидан тутиб чиқиб кетар экан Муаттар отасига келинлик саломига эгилар экан йигит унинг йиғлаётганини пайқаб қолди. Отаси ҳам қизини қучганча анча вақт қўйиб юбормади. Йиғидан кўзлари қизариб кетганди унинг. Кейин ака-укалари келиб пешонасидан ўпиб қўйди. Кап-катта, девдек йигитлар ҳўнграб йиғлар эди. Иброҳим ҳаммани йиғлатиб бир хонадоннинг энг гўзал гулини бағридан юлиб кетди. Дилсўз эса қўшиқни авжига етказди.
—Бағрингизда авайлаб вояга етказдингиз,
Офтоб тушса, бошимга, сояга ўтказдингиз...

Муаттар чиндан ҳам отасининг авайлаб катта қилган қизи эди.
Акаларининг эркаси, онасининг ягонаси эди. Аммо сира тантиқ бўлмаган, мактабда ҳам, олийгоҳда яхши ўқир, ортидан фақат раҳмат келтирган тили ширин, ақлли, меҳнаткаш қиз эди. Уйларини ҳувиллатиб кетди.

Умрихон ҳам Муяссар ҳам Исмоилнинг тўйи бошлангандан кўнглида бир ғашлик пайдо бўлганини бир-биридан яширган бўлса, Иброҳимнинг тўйи олдидан пайдо бўлган бир енгиллик, бир ёруғликни сезиб, қайта-қайта бир-бирига айтар, бу синоатнинг нелигини тушуна олмас эдилар.

***

Кузнинг салқин тонги келин салом билан бошланди. Аввалига чилдирманинг шодиёнага қоришиқ қарс-бадабанг овози қўшниларни уйғотди, кейин неча асрлардан бери келаётган оҳанглар янгай бошлади.

—Тоғу тошни тенг қилган,
Икки ёшни бир қилган,
Салом, салом, келин салом
Аввал худога салом!

Келинчак эгилиб-эгилиб салом қилди.
Янгалар ҳаммага совға улашдилар. Чиройли-чиройли совғаларни қўлига олган қариндошларнинг юзига шодлик югурди. Янги келин оиласидагиларга совғалар улашиб кириб келди.Кичкина болакайлар, қизалоқларгача қуруқ қолмади. Қўғирчоғу ўйинчоқларини бағрига босган болакайлар шодон ирғишладилар. Дунёнинг арзимас матоҳи билан кўнгиллар олинди.
Кейин ҳамма бир-бир тарқалди.
Муаттар билан уйга тоза нафас, енгил ҳаво кириб келди. Энди уч аёл бирлашиб юмуш бажарар, таом тайёрлар, спортчилардек соғлом, чаққон, дилдор келинчак билан уйлар саришта эди. Эрта тонгдан ҳамма ёқ чинни-ю чироқ бўлар, баъзан Муаттар қайноналарини машинасига ўтказиб, айлантириб келар, оддийгина музқаймоқ еб ўтириш ҳам танларга хуш ёқарди.
Бир куни кечки таом асносида Муаттар ҳар доимгидек кўтаринкилик билан
—Бугун опажонникига бориб келамизми? Муслимахонни соғиндим, —деди.
Муяссар бир лаҳза ўйланиб қолди. Умрихон бўлса ниманидир мўлжаллади чоғи
—Яхши бўларди, —деди.
Лола кутилмаган меҳмонларни кўриб довдираб қолди, ранги оқариб кетди.
—Уйлар сал бетартиб эди, —деди секин.
—Бетартиб бўлса, тартибга соламизда, —деди Муаттар. У қандайдир самимий, ўзига ишонган, эркин қиз эди.
Икки хоналик уй сал эмас, яхшигина бетартиб эди. Ошхонани чирк босган, уй юзасида ёйилган ўйинчоғу кийимлар, болалар таглиги билан аралашиб ётар, стол устидаги овқатлар қандоқ ейилган бўлса, шундоқ қолган, бир сўз билан айтганда одам ўтирадиган жой йўқ эди.
Лола бўзрайиб турар, Муяссарнинг юраги сиқилиб борар эди. Умрихон ошхонадаги столга омонат ўтирди. Қўлига Муслимани олди
Муаттар ишни ошхонани тартибга келтиришдан бошлади. Стол устини, тозалаб, жўмрак тагида, жавон тепасида қалашиб ётган идишларни, газ плитасини —ҳамма ёқни артиб олди. Атиги ярим соатда ошхона ярақлаб қолди.
Кейин уйга ўтиб кийимларни, ўйинчоқларни ажратиб, алоҳида тўплай бошлади. У жуда тез, ақлли ҳаракат қилар, иши унумли эди. Бир қарашдаёқ ёшлигидан ишга солингани кўриниб турар, меҳнатдан қочмасди.
Лола нима қилишини билмай турар экан, ҳаммасидан ҳам энг кўп ёйилиб ётган ётоқхонасини тозалашга ўтди. Исмоилнинг ерда ётган кийимларини илгичга сола бошлади. Унинг ғазаби ошиб-тошиб кетаётган, овсинини кўргани кўзи йўқ эди.



Феруза Салходжаева.

🌸🌼🩵
https://t.me/joinchat/AAAAAFU_ki2DuwdoBGuycg
❤102🔥8😱8👍5😢2👏1