Келин қизим
17-қисм
Муяссар кеч бўлишини орзиқиб кутди. Сезяпди, Иброҳим ҳам ўзини қўярга жой тополмаяпди. Қизгина хаёлларини олиб кетгани аниқ. Умрихондан рухсат теккач Мўътабарга қўнғироқ қилди у. Самимий бир овоз бу сафар ҳам гўшакни "Алло" деб эмас, "Ассалому алайкум" деб кўтарди.
Шошиб қолди Муяссар.
—Ва алайкум ассалом, ассалому алайкум, —деди дарҳол.
Кейин
—Мен Муяссарман, Мўътабар опа, совчиликка борган эдикку, —деди.
—Танидим, танидим, яхшимисиз? Холам яхшимилар? Соғлиқларингиз яхшими? —дея ўзбекона сўрашиб кетди у. Муяссар ошиқаётган, юраги ўйнаб кетаётган эди.
—Раҳмат, раҳмат, ўзингиз тузукмисиз? Қизингиз ўғлимга маъқул кепди, шунга... сизларда нима гап деб телефон қилгандим. Агар рози бўлсангиз...
Аёл бироз сукут сақлаб жавоб берди.
—Қизимизнинг изми отасида. Дадаси билан маслаҳатлашиб, жавобини айтиб юборамиз. Иброҳим ҳам Умрихон ҳам Муяссардан кўзини узмай турарди.
—Майли, майли, қачон қўнғироқ қилсам бўлади? —деди у шаҳди пасайиб.
—Мен бугун гаплашаман, сиз эртага қўнғироқ қилинг, хўпми?
Шу билан хайр-хўш қилинди.
Умрихон гарчи келинининг гапларидан суҳбат мазмунини тушунган бўлса ҳам қайта сўради.
—Нима деяпди?
—Отаси ҳал қилади деди.
Умрихон жонланиб қолди.
—Иброҳим, унда отаси сени суҳбатга чақиради. Айтадиганингни ўйлаб гапир!
Умрихон адашмаганди. Чиндан ҳам йилларга чўзилган тонг отиб, у томондан хабар келди.
—Қизнинг отаси йигит билан гаплашиб кўраман, —дебди.
Ҳамма томондан иқтисод қилиб яшайдиган тежамкор оила Иброҳим учун яхшигина пул ажратди. Йигит акаси билан бориб кийиниб келди. Бутун оила унга маслаҳат қила бошлади. Ёшгина эди у. Кўркам, қарашлари беғубор. Ёмон йўлга юрмаган, бегона қиз билан гаплашмаган. Илк йигитлик туйғуларини сотмаган тоза эди у. Суҳбатга кетишдан олдин бувасидан, отасидан, бувисидан, онасидан, хуллас оиласидагиларнинг барчасидан дуо олди.
Уни ҳашаматли дарвоза олдида бўйлари баланд, ўзи ҳам спортчилардек бақувват бир йигит кутиб олди. Қизнинг акаси бўлса керак.
—Кел, укам, дадам сени кутяпди, деди алик оларкан. У "спортчи" кўрсатган томонга қараб юрар экан қайсидир деразаданми ё бурчакдан Муаттар кузатиб тургандек туюлиб, оёқлари чалишиб кетди.
Уй остонасида яна бир катта, гавдали, баланд бўйли, йирик, савлатли бир одам турарди.
—Ва алайкум ассалом, келинг, болам, —деди у. Дўриллаб айтилган биргина "болам" сўзининг ўзи йигитнинг юрагига мадор бўлди.
Катта киши чой қуйиб узатди. Кейин сўради.
—Уйдагилар яхшими?
Бошини силкиди йигит.
—Худога шукур. Шу билан ўртага сукут тушди.
—Муаттар ёлғиз қизим. Учта ўғлимнинг ичида энг яхши кўрган фарзандим. Орим, номусим. Унга садоқатли бўла оласизми? Боқиб олишингизга, соғлиғига эътиборли бўлишингизга шубҳа қилмайман. Уни бегоналар билан алишмайсизми?
Иброҳим нима савол кутса ҳам, бунақасини кутмаганди, довдираб қолди. Кейин дарров жавоб берди.
—Худо сақласин, кейин ота-онам ҳам бунга йўл қўймасалар керак. У болаларча берган жавобида битта ҳақиқатни айтиб кетганди. "Демак, бебош бола эмас, ҳамиша ота-онасининг назоратида!"
—Бўлди, болам, бораверинг, мен розиман.
Шу билан ажойибу ғаройиб суҳбатга якун ясалди.
Султонмурод йигитни кузатиб қўйгач, Мўътабар ошиқиб ёнига келди.
—Бунча тез қўйиб юбордингиз, дадаси, ўзи гаплашдингизми? —деди.
—Ҳа, бўлди жавобимни олдим, —деди.
—Вой, тавба, нима сўрадингиз ўзи? —қўлидаги сочиқни ғижимлаб, бураб, эрининг кўзига тикилди аёл.
—Қизимдан бошқасига қарамайсанми дедим.
—Астағфируллоҳ! —деди Мўътабар,
—худо асрасин нега унақа бўларкан? Қаёқдаги гапларни топасиз? Йигит ҳам хайрон бўлиб қолгандир?
—Ҳа, нима? Нима сўрашим керак эди? Мол-дунё қўлнинг кири. Ҳозирги замонда ўқиш ҳам муаммо эмас. Машинанинг
боридан йўғи яхши—хавф камроқ бўлади. Эркак киши уйланганидан кейин оиласини, барибир, боқиб олади. Ўзимга керак жавобни олдим, —деди.
Мўътабар анқайиб турар экан, ёстиққа ёнбошлаб олган эри секин гап бошлади
Давоми бор
Феруза Салходжаева
؛
https://t.me/hojionalarkanali
128
27
9
4