Келин қизим
16-қисм
Меҳмонларнинг йўқ деганига қўймади уй бекаси.
—Тушлик бўлди, ичмасангиз хафа бўламан. Қайноқ сомсалар кирганда совчилар ўзини бемалол яқин одамининг уйида ўтиргандек ҳис қила бошлагандек эдилар.
Таомланиб бўлгач, Умрихон оҳиста сўз бошлади.
—Алҳамдулиллаҳ!Барака топинг, ош берганга бош берсин.
Хўш, биз қизингизга харидор бўлиб келдик...
Кейин ўзи, оиласи, Иброҳим ҳақида маълумот бера бошлади. Муяссарни алоҳида мақтади, дуо қилди.
Уй бекаси унинг бирорта гапини бўлмасдан эшитди, кейин секин гап бошлади.
—Турмуш ўртоғим тадбиркор, ўзим олий маълумотли уй бекасиман. Хўжайиним ишлашимни истамадилар. Иккита ўғлимиз ҳам отасининг изидан кетган —тадбиркор, уйланган, биттаси ҳали мактаб ўқувчиси, қизимиз учинчи курсга ўтди. Шарқшунослик институтида ўқийди. Бори —шу, —деди табассум билан.
Умрихоннинг
—Қизингизни кўрсак бўладими? —дея ийманиб сўраган саволига
—Албатта! —деб жавоб берди. Кейин чаққон юриб ташқарига чиқиб кетди. Бироздан сўнг оппоқ матога катта-катта пушти атиргул тасвири туширилган узун кўйлак кийган, ўзи ҳам оппоққина бўйлари узун, юзлари пардозсиз чиройли қиз салом бериб кириб келди.
Умрихон уни Иброҳимнинг олдида тасаввур қилиб, юраги қалқиб кетди. Жудаям мос эди баланд бўйлик неварасига. Маҳкам бағрига босиб кўришар экан ичида дуо қилди.
"Илоҳим юлдузи юлдузига тўғри келсин!"
Муяссар эса негадир кўзига ёш олди. Қизнинг юзида қуёш кулиб турарди. Ўзининг бўйчанлигини билиб эгилиб кўришарди у.
Қиз тез чиқиб кетди. Муяссарнинг эсида қолгани қиличдек қошлари-ю, ерга қараб турган серкиприк кўзлари бўлди. Бир лаҳза, атиги бир лаҳзада юрагини забт этиб кетди қиз. Меҳр уйғотиб кетди.
—Бўйлари боламнинг бўйига мос экан, ўзи ҳам кўҳлик, жудаям бизбоп экан, —деди Умрихон.
Уй бекаси самимий эди.
—Ҳамма болаларим дадасига ўхшаб баланд бўйлик бўлди. Ҳозир йигитлар кичрайиб кетяпдими, ёки менинг қизим баландми, бўй-бўйига, ақли-ақлига тўғри келадиган йигит чиқса, узатамиз, худо хоҳласа!
Совчилар бир истак билан ҳашаматли хонадонни тарк этдилар. Ҳар иккисининг ҳам кўнглида шундай аёл билан қуда бўлиш орзуси пайдо бўлганди.
Бора-боргунча уй бекасининг пазандалиги-ю, муомаласи ҳақида гаплашиб борар эканлар иккисининг ҳам кўнгли орзиқиб кетаётган эди. Исми ҳам чиройли эди уй бекасининг. Мўътабар!
Кечқурун Умрихон Мўътабарга қўнғироқ қилди. Ёшларни учраштириб кўриш таклифини берди. Боя қайта-қайта ўзининг оддий оиласи ҳақида гапиравергани учун ийманиброқ сўради, Мўътабар турмуш ўртоғидан рухсат сўраб, маълум қилишини айтди.
Лола уйга қайтавермагач яна қудасига қўнғироқ қилди.
—Иссиқ ўрнини совутмасин, илтимос, уйига олиб келиб ташланг, қуда, —деди ялиниб, аммо ҳеч ким қайсар Лолани кўндира олмади.
Иброҳимнинг учрашувга чиқиши Исмоилнинг қизи касал бўлиб қолган кунга тўғри келди.
Қизалоқ иситма билан шифохонага ётқизилди. Лола ўзини қўярга жой тополмай қолди. Исмоил шифохонага етиб келди-ю оташ бўлиб ётган қизини кўриб ўзини айблай бошлади. Хотинига аччиқ қилиб ўтиргунча бориб олиб келганида шу касал бўлмасмиди? Кўнглидаги ўйлар билан кураша бошлади у.
У дори-дармонларни келтириб хотинига узатар экан
—Сиқилма, ҳаммаси яхши бўлади? —деди.
Лола йиғлаб юборди.
—Илоҳим яхши бўлиб кетсин, —деди ҳиқиллаб. Исмоил унинг елкасидан қучди. Фарзанд иккисиники эди. Шу топда ўртадаги кибр ва араз четга чиқиб кетган, ўрнини миттигина гўдакнинг соғлиғини сўраб қилинаётган дуолар, умидлар эгаллаган, эр-хотин орадан ҳеч нарса ўтмагандек фарзанди билан бирга касалликка қарши курашаётган эдилар. Лола шифохонада боласини олиб ётар экан бир нарсани тушунди.
Унинг қизалоғи учун ҳеч ким эри ва ўзидек қайғурмас экан. Оғир пайтларда фақат турмуш ўртоғигина унга тиргак бўла олар экан.
***
Иброҳимнинг оғзи қулоғида эди. Муаттар ўзи орзу қилганидек бўй-басти келишган, ақлли қиз экан. Кўнглини олиб кетди қиз. У томондан бир мужда келса эди...
Давоми бор
Феруза Салходжаева
47
3