Арқоннинг хисоб китоби
Бир бой одам ўлимдан ва қабрда ёлғиз қолишдан жуда қўрқар экан. "Ўлган куним ким мен билан бирга қабримга кириб бир кеча қолса мол-давлатимнинг ярими уники бўлсин" деб васият қилибди.
Ўлган куни "Ким ўлик билан биргаликда бир кеча қолишга рози" деб сўрашибди. Буни қарангки, ҳеч кимдан садо чиқмабди. Ва ниҳоят бир хизматкор: Мен оддийгина юк ташувчи, камбағалгина одамман. Менинг мана шу арқондан бошқа ҳеч нарсам йўқ. Агарда бир кеча қабрда қолсам, ҳеч қурса, бой бўлардим, дебди ва қабрга киришга рози бўлибди. Орадан бир мунча вақт ўтгач савол-жавоб фаришталари келишибди. Қарашса қабрда ўлик билан биргаликда тирик бир инсон ҳам бор. Улар:
Ўлик шундоқ ҳам бизники. Биринчи навбатда мана шу тирикни савол-жавоб қилишимиз керак. Чунки унинг вақти кам, дейишибди ва хизматкорни савол-жавоб қила бошлашибди:
Анави арқон кимники? Қаердан олгансан? Нима сабабдан олгансан? Қандай қилиб олдинг? Ундан қаерларда фойдаландинг?..
Шу тариқа хизматкорнинг савол-жавоби эрталабгача давом этса ҳам тугамабди. Тонг отгач хизматкорни қабрдан чиқариб олишибди. Бўлди, сен вазифани якунладинг. Энди қабрда ётган бойнинг ярим мол-мулки сеники дейишибди.
Йўқ, асло бундай бўлмайди. Менга бунчалар мол-давлатнинг кераги йўқ. Ахир эрталабгача бир донагина арқоннинг хисобини бера олмадим. Унчалар мол-давлатнинг хисобини қандай қилиб бера олардим? дебди хизматкор
3December 14, 2025 1K 4