Таълим кредитини қандай олиш мумкин?
Таълим учун давлат дастури доирасида имтиёзли кредит олиш имконияти мавжуд бўлиб, бундай кредитлар асосан йиллик 14 фоиз ставкада ажратилади.
Имтиёзли таълим кредити давлат, хусусий ва хорижий олий таълим ташкилотлари ҳамда уларнинг филиалларида кундузги таълим шаклида контракт асосида ўқиётган Ўзбекистон фуқароларига берилади. Кредит талабанинг ўзига, ота-онасига ёки васийсига расмийлаштирилиши мумкин.
Кредит миқдори талабанинг курси ва ўзлаштириш кўрсаткичига боғлиқ. 1-курс талабалари учун контракт суммасининг 100 фоизигача кредит ажратилади. 2-курс ва ундан юқори босқичда эса GPA 3,0 дан паст бўлса — контрактнинг кўпи билан 80 фоизи кредит ҳисобидан қопланади ва қолган 20 фоиз талаба томонидан олдиндан тўланади. GPA 3,0 ва ундан юқори бўлса — контрактнинг 100 фоизигача кредит олиш мумкин. “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган оилалар аъзолари учун ҳам контракт суммаси тўлиқ миқдорда молиялаштирилиши мумкин.
Талабанинг GPA кўрсаткичи HEMIS, контракт ҳақидаги маълумотлар эса kontrakt.edu.uz тизимидан автоматик шакллантирилади. Шу сабабли ушбу маълумотларни алоҳида йиғиб юриш талаб этилмайди.
Имтиёзли таълим кредитининг яна бир муҳим жиҳати — ўқиш даврида асосий қарз тўланмайди. Асосий қарзни қайтариш ўқиш тугаганидан 6 ой ўтгач бошланади. Хотин-қизлар учун эса давлат дастури доирасидаги таълим кредити бўйича фоиз тўловлари Жамғарма маблағлари ҳисобидан қопланади, яъни белгиланган шартларга мувофиқ улар асосий қарзни қайтаради.
Ҳозир таълим кредитларини қатор банклар таклиф қилмоқда. Жумладан, Ўзмиллийбанкда — 13,5 йилгача, Агробанк ва Ўзсаноатқурилишбанкда — ўқиш муддати + 7 йил, Асакабанк ва Туронбанкда — ўқиш муддати + 7,5 йил, Халқ банкида — ўқиш муддати + 7 йил, Микрокредитбанкда — 15 йилгача, Ҳамкорбанкда — 7 йилгача, Orient Finans Bankда — ўқиш муддати + 90 ой, Бизнесни ривожлантириш банкида — ўқиш муддати + 6 ой + 7 йил, Алоқабанкда эса — 13,5 йилгача бўлган муддатлар назарда тутилган.
Кредит маблағи талабанинг қўлига ёки банк картасига берилмайди. Банк маблағни тўғридан-тўғри олий таълим муассасасининг ҳисоб рақамига ўтказади.
Кредит олиш учун асосан ариза, контракт шартномаси ва кредит таъминотига оид ҳужжатлар — кафиллик, гаров ёки суғурта полиси талаб қилинади. Банк ўз ички талабларидан келиб чиқиб қўшимча ҳужжатларни ҳам сўраши мумкин. “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган оилалардаги хотин-қизлар учун эса таъминот бўйича алоҳида енгилликлар мавжуд.
Энг қулай томони — аризани банкка бормасдан онлайн топшириш ҳам мумкин. Бунинг учун “Таълим кредити” тизими ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилиш мумкин. Жараённинг асосий қисми масофадан амалга оширилади, зарурат бўлса расмийлаштириш банкда якунланади.
Бундан ташқари, айрим банклар ўз маблағлари ҳисобидан алоҳида таълим кредитлари ҳам таклиф қилмоқда. Ушбу кредитларнинг асосий фарқи шундаки, улардан айрим ҳолларда супер-контракт тўловини қоплаш, шунингдек, кундузги таълимдан ташқари кечки ва масофавий таълим учун ҳам фойдаланиш мумкин.
Бироқ бу кредитлар давлат дастури доирасидаги имтиёзли таълим кредитларидан шартлари билан фарқ қилади. Уларда фоиз ставкалари юқорироқ бўлиб, йиллик 22 фоиздан 28 фоизгача етади. Шунингдек, асосий қарзни тўлаш ҳам одатда кредит расмийлаштирилганидан кейин бошланади, яъни қарз олувчи ҳар ой фоизлар билан бирга асосий қарзнинг бир қисмини ҳам тўлаб боради.
Масалан, Ўзмиллийбанкда 150 млн сўмгача 22–24 фоизда 3–5 йилгача, Ipak Yuli Bankда 50 млн сўмгача 24,9 фоиздан 3 йилгача, InfinBankда контракт суммасининг 100 фоизигача 26,99 фоизда 3 йилгача, Бизнесни ривожлантириш банкида 100 млн сўмгача 27–28 фоизда 2–4 йилгача, Алоқабанкда 100 млн сўмгача 25 фоиздан 5 йилгача таълим кредитлари таклиф этилмоқда. Ушбу кредитлар орасида супер-контракт тўловини молиялаштириш имконини берувчи маҳсулотлар ҳам мавжуд, аммо аниқ шартлар банк ва кредит маҳсулотига қараб фарқ қилади.
@platformauzb
August 25, 2026 14.1K 173