#Mавлид
РАСУЛУЛЛОҲ
(Соллаллоҳу алайҳи ва саллам)
•┈❁✿❁┈•
Мўъминларга Аллоҳ улуғ лутф айлади –
Бизга буюк неъмат бўлган Расулуллоҳ!
Ҳар бир феъли олам учун ўрнак бўлган,
Ҳар бир сўзи ҳикмат бўлган Расулуллоҳ!..
Туфайлидан мавжуд бўлди еру осмон,
Ҳазрат Одам тупроқ ичра экан пинҳон (2),
Ҳақ наздида Расул эрди ул меҳрибон,
Коинотга мақсад бўлган Расулуллоҳ!
Одам Ато жаннатни тарк этди нечун? –
Шундоқ Набий бу дунёга келмоғи-чун!..
Ҳар пайғамбар орзу қилиб ўтган бутун,
Энг муборак хилқат бўлган Расулуллоҳ!
Одам Ато, Нуҳ, Иброҳим замонида,
Мусо, Ийсо Китобида – Ҳақ ёнида,
Ўтган барча пайғамбарлар лисонида
Васфи олий хислат бўлган Расулуллоҳ!
Ислом нури – ҳайбат, шукуҳ, маҳобатдур,
Бирга бўлмоқ шарти фақат – муҳаббатдур,
Қуръон ичра азиз номи Муҳаммаддур,
Инжил ичра Аҳмад бўлган Расулуллоҳ!.. (1)
Қайда Аллоҳ номи бўлса, номи пайваст,
Аллоҳ бир деб, ким у зотни Расул демас –
У кимсанинг иймони ҳеч иймон эмас,
Иймон учун ҳужжат бўлган Расулуллоҳ!
Барча набий мўъжизаси ўтди, фақат
Ул Ҳазратнинг мўъжизаси яшнар абад,
Яъни, Қуръон нури боргай то қиёмат,
Нури – кетмас давлат бўлган Расулуллоҳ!
Жоҳил қавм тошлар отиб қувганда ҳам,
Юртдан кетиб, дили ғамга тўлганда ҳам,
Сўнгги нафас – ҳатто ўлим келганда ҳам,
Қайғулари уммат бўлган Расулуллоҳ!
Ҳар набийга битта қавм бўлди уммат,
Ул Жанобга тобеъ бутун инсоният (3),
Олам ичра дини топди абадият,
Инсу жинга нусрат бўлган Расулуллоҳ!
Ер юзидан қувиб куфру жаҳолатни,
Кўрсатдингиз халққа мангу саодатни,
Бас, мукаммал етказдингиз рисолатни,
Бор ҳаёти даъват бўлган Расулуллоҳ!
Зиёратга келганда кўп умматингиз,
Равзангизга бир ит келди, урмадингиз –
Ул даргоҳдан мен итни ҳам қувмадингиз,
Махлуқотга шафқат бўлган Расулуллоҳ!
Расулуллоҳ! Сизга салот, сизга салом!
Бутун олам нурингиздан яшнар мудом,
То қиёмат гўзал васфи бўлмас тамом,
Оламларга раҳмат бўлган Расулуллоҳ!..
Мирзо Кенжабек
Шеърдаги баъзи сатрлар изоҳи.
•••••━┅┉┈
؏• @OlimjonAllohquli