МАЪНАВИЙ ҲАЁТ журнали, 2024 йил, 2- сон, 85- бет.
Александр Сергеевич ПУШКИН (1799 – 1837)
ШОИРГА
Шоир! Халқнинг меҳрига ҳеч тикиб юрма кўз!
Мақтовларнинг ўтажакдир оний шовқини,
Эшитарсан галварс тўда ҳукмини маъюс,
Қойим бўлу, осуда тут кўнгил лавҳини.
Сен подшосан: танҳо яша. Эркка буриб юз,
Ҳур идрок-ла топа билгил ҳурлик завқини,
Ардоқлагил хуш ўйларинг самар-шавқини,
Мардлигинг-чун эҳсон кутма, очма бундан сўз.
Ўзингдадир эҳсон бори. Сен олий ҳакам,
Қаттиққўлсан ўз-ўзингга сен барчадан ҳам,
Кўнглинг тўқми ёзганингдан, эй соҳибкамол?
Кўнглинг тўқми? Майли, авом койиса уни,
Булғаса-ю, шаъминг ёнган меҳроб юзини,
Минбарингни ўйин қилса болалар мисол.
1830 йил 1 июль
Муҳаммад АЛИ таржимаси.
Робиддин ИСҲОҚОВ ЎНҒОР НАФАСИ (Ғазаллар, фардлар, шеърлар, педагогик-фалсафий фикрлар). Бадиий муҳаррир: Бахтиёр Исҳоқов. “Наманган” нашриёти. – 2012. – 208 б.
АЙТИЛМАГАН СЎЗ
Чарос кўздан сочилар ёғду,
Чарос кўздан сочилар инжу.
Ошиқ мактуб, юзида томчи, –
Тўлғонади, тўлғоқда туйғу.
Оқшомда ой уқалаб кўзин,
Бўса олар зилол япроқдан.
Сув юзида чайқалиб тўлқин,
Бўса излар ёниқ дудоқдан.
Оқаради оқшом рўмоли,
Соғинч кўзда намли киприклар.
Айтилмаган сўздир томчиси,
Кўз ғуборин ювмоқда улар... (131 – 132- бетлар).
Нодир ЖОНУЗОҚ
РЕЖИССЁР
Баҳодир Йўлдошев хотирасига
Пардалар узилди,
Ёрилди саҳна,
Актёрлар югурар ҳар ёнга гирён.
Театр, тинчингга етдими рахна,
Кимни йўқотганинг билдингми шу он!?
У кетди –
Енгилмас лашкарбошидай,
У кетди музаффар қўшини ила.
Узилди дунёнинг зил кўзёшидай,
Тирик кўнгилларда қўзғаб зилзила.
Баҳайбат олмосдек асил қалбини
Ошкор кўз-кўз қилган танти зот кетди.
Худонинг кўшкига пинҳон талпиниб,
Ҳурликка қовушган руҳ озод кетди.
Кетди фоний дундан дурдай ситилиб –
Энг тоза гавҳарнинг жойи бақодир.
Кетди ҳажвияда бағрини тилиб,
Фожеада қаҳ-қаҳ отган баҳодир.
Балки зерикдими дўсти Бримсиз,
Ё ҳаёт туюлди занг босган кўзгу...
Очиқ чеҳра билан кетди – гримсиз,
Ниқобли дунёда яшолмади у.
Мухлис юракларни босди ғуж-ғуж дарз,
Оҳ-воҳлар чулғади ўнг-сўлимизни.
Бизга муҳаббатдан берган эди дарс –
Эплаб ўйнолмадик ўз ролимизни...
Бандамиз. Кўникмоқ – аъмолимиз, ҳа,
Ўзга ўйинларга чалғиймиз якдил.
Фақат йиғлайверар азадор Саҳна,
Фақат ўкрайверар етим Театр...
ФАРҒОНА ОҲАНГЛАРИ: (альманах) / Фарғона вилояти ҳокимлиги маънавият-маърифат кенгаши; тўпловчи ва тузувчи Энахон Сиддиқова, сўзбоши муаллифи Иброҳим Ғафуров. – Т.: Akademnashr, 2011 – 224 б
Адҳам МИР САИД
ШАҲАРДАГИ ОТ АРМОНИ
Ҳийла билан тушиб отни,
Ундан эркни тортиб олдилар.
Сўнг устига жабдуқ уришиб,
Бўйнига ҳам юган солдилар.
Ясатдилар уни чунонам:
Ёлин силаб, тарай бошлашди.
“Озиқли от ҳоримас”, – дея,
Меҳр билан қарай бошлашди.
Отнинг эса дилида армон:
Хаёллари тоғлар томонда
Дерди гўё: “Яшаш кўп оғир –
Эрк бўлмаса, ахир, маконда.
Чавандозлар чиқмас шаҳардан,
Бунда бир эрмак ё ҳавас.
Машиналар қайнар саҳардан,
Бундай ҳаёт от учун қафас!” (184- бет).
Жаҳонгир ФОЗИЛ
ШУКРОНА АЙТ
Қанча кўзи ожиз ўтар дунёдан,
Ранглар жилосини кўролмас бир он.
Сен баҳра оляпсан нурдан, зиёдан,
Шукроналар айтгин, ҳазрати инсон.
Ким яшар куй, қўшиқ недир билмайин,
Кимдир яшамоққа мажбур безабон.
Тангрининг неъматин англаган сайин
Шукроналар айтгин, ҳазрати инсон.
Кимда қўл ишламас, кимида оёқ,
Кимнингдир танида хаста юрак, жон.
Сен-чи соғ, Худога ҳар вақт, ҳар чоқ
Шукроналар айтгин, ҳазрати инсон.
Кўз кўриб, қадамлар ташлаганинг-чун,
Беминнат ош-нонни тишлаганинг-чун,
Ҳур юртда хотиржам яшаганинг-чун
Шукроналар айтгин, ҳазрати инсон. (190- бет).