#РАСМИЙ_МУНОСАБАТ
Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда Косонсой тумани, Шайхон маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро Бобоева У. билан боғлиқ ҳолат кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Инстаграм тармоғига жойланган видеоларда мазкур фуқарога давлат томонидан ҳеч қандай ёрдам кўрсатилмагани даъво қилинмоқда. Ушбу даъво ҳақиқатга мос келмайди.
Юртимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар доимо эътибор марказида бўлиб келган. Хусусан, мазкур фуқарога жорий йилнинг ўзида қуйидаги ёрдамлар кўрсатилган:
▪️ куз-қиш мавсумига тайёргарлик учун — 1 миллион сўм;
▪️ Рамазон ҳайити муносабати билан — 1 млн сўм;
▪️ Қурбон ҳайити муносабати билан — 18 хил турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари;
▪️ Вақф жамоат фонди ҳисобидан — моддий ёрдам;
▪️ маҳалла фаоллари ва ҳомийлар кўмагида — хонадонининг девор қисми ҳамда ҳожатхонаси қуриб берилган;
▪️Саховат ва кўмак жамғармаси ҳисобидан 412.0 минг сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда 2 060 000 сўмлик кийим-кечак маҳсулотларини харид қилиш учун ваучер ажратилган;
▪️ 2 нафар фарзанди боғчада бепул таълим олиши таъминланган;
▪️ январ ойидан август ойига қадар болалар унуч нафақа пули тўлаб берилган.
Болалар нафақа пули тўлови шаръий никоҳда бўлган турмуш ўртоғининг норасмий даромади ижтимоий ёрдам кўрсатиш учун белгиланган мезондан юқори бўлганлиги сабабли, яъни қонунчиликда назарда тутилган асосга кўра тўхтатилган.
Соғлиқ масаласига келсак. Фуқаро ижтимоий тармоқлардаги видеоларда ўзининг кўкрак бези саратонига чалинганини билдирган. Мутасаддилар томонидан унга туман кўп тармоқли поликлиникасига мурожаат қилиб, тиббий кўрикдан ўтиши ҳамда тегишли хулоса ва йўлланма олиши тушунтирилган. Бунда текширув, даволаш ва зарур бўлганда операция харажатлари тўлиқ — 100 фоиз давлат ҳисобидан қопланиши маълум қилинган.
Айни пайтда фуқаро томонидан бирор тиббий муассасадан расмий хулоса тақдим этилмаган. У шифохонада даволанишга вақти йўқлигини, уйда фарзандлари ва онасига қарайдиган одам йўқлигини билдириб, табибга бориб даволанишини маълум қилган.
Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда онкологик касалликлар, хусусан кўкрак бези саратони билан боғлиқ давлат сиёсати алоҳида устувор йўналиш сифатида белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024-йил 22-ноябрдаги ПҚ-402-сон қарори билан 2025-2030-йилларга мўлжалланган бачадон бўйни ва кўкрак бези саратонини назорат қилиш дастури тасдиқланган.
Қарорга мувофиқ, тиббиётнинг бирламчи бўғинида 30-65 ёшдаги аёлларнинг электрон базаси шакллантирилиб, улар ҳар икки йилда бир марта тиббий саралашдан ўтказилади. Текширув натижасида онкологик касаллик аниқланган беморларнинг ташхис ва даволаш харажатлари эса тўлиқ Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилади. Шунингдек, 2025-йил 1-январдан бошлаб туман ва шаҳарларнинг кўп тармоқли марказий поликлиникаларида махсус онконазорат хоналари жорий этилган.
Бундан ташқари, кафолатланган тиббий ёрдам пакети доирасида шифокор йўлланмаси асосида даволанаётган беморлар давлат маблағлари ҳисобидан бепул даволанади, зарур дори воситалари эса электрон рецепт орқали бепул берилади.
Яъни бугунги кунда кўкрак бези саратони ташхиси қўйилган ҳар бир фуқаро тегишли тиббий хулоса ва йўлланма асосида давлат ҳисобидан бепул текширув, даволаниш ва операция қилиниш ҳуқуқига эга. Бунинг учун ягона шарт — туман поликлиникасига мурожаат қилиб, расмий тиббий кўрикдан ўтишдир.
Мазкур имконият фуқаро учун бугун ҳам тўлиқ очиқ. Мутасаддилар у билан алоқада бўлиб, мурожаат қилиши билан барча зарур тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатилади.
Бир сўз билан айтганда, юртимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонлар асло ташлаб қўйилмайди — улар доимо меҳр ва мурувват билан эътибор марказида бўлади.
Шу ўринда ижтимоий тармоқларда контент тайёрлаётган блогер ва фаолларимизга мурожаат қилмоқчимиз: мавзуни ёритишда фақат бир томоннинг фикри билан чекланмасдан, ҳар икки тарафнинг маълумотини ўрганиб, холисона ёндашган ҳолда материал чиқаришни сўраб қоламиз.
Косонсой туман "Инсон" ижтимоий хизматлар маркази ахборот хизмати
@KOSONSOY

88
36
5
1September 4, 2026 10.5K 85 40