#хотира
Давоми...
Орифжон амаки асли қўқонлик бўлиб, узоқ йиллар Сирдарёнинг Гулистон шаҳрида яшаганлар. Ҳозирда Фарғонанинг Учкўприк туманидаги Юлғунзор қишлоғида истиқомат қиладилар.
Аввалроқ Орифжон амакини зиёрат қилиб у кишидан баъзи хотираларни ёзиб олган эдик.
Қуйида у кишининг суҳбатларидан баъзисини ўқиб, Ёрқинжон домла раҳимаҳуллоҳ ва амаки билан янада яқиндан танишиб оласиз, иншааллоҳ.
"ИККИ ҚОП КИТОБ СОТИБ ОЛДИ"
Орифжон ҳожи амаки Усманов шундай дейдилар:
"Ёрқинжонни катта боболарини, аждодларини яхши танир эдим. Аждодлари аслида андижонлик бўлиб, Қўқонга кўчиб келиб, шу ерда яшаб қолишган. Улар қассобчилик билан шуғуланишар эди. Менинг отам ва Ёрқинжоннинг бобоси Шокиржон ака қалин дўст бўлишган. Биз улар билан қадрдон бўлиб, кўп борди-келди қилардик.
Мен тижорат ва ҳайдовчилик билан шуғулланиб, Сирдарёнинг Гулистон шаҳрига бориб 48 йил у ерда яшадим. Аёлим вафотидан кейин Қўқонга қайтиб келдим.
Гулистондалик пайтимда СССР парчаланиб, мустақилликка эришганимиздан сўнг масжид ва мадрасалар очилиб динга эркинлик берилди. Шу пайтда Гулистондаги жоме масжидлардан бирига Қўқондан Иброҳимжон домла (Аллоҳ раҳмат қилсин) имомликка таклиф қилиниб, у ерда фаолият бошлагандилар.
Аҳмаджон домла Ёрқинжон қорини у кишининг ёнига юборган эканлар. Ёрқинжон ўша пайтда ёшгина сариқшингил бола эди. Масжид ҳовлисида дарс ўқиб юрар, олдига тўрт-бешта китобни ёйиб олиб, тинмай мутолаа қиларди.
Бир куни намозга борсам бобоси Шокиржон ака масжиддаги сўрида ўтирган экан. Улар билан саломлашиб, кўришиб: “Нима қилиб юрибсиз, бу томонларда?” деб сўрасам, “Ёрқинжонни кўрсатиб, бу бола мени набирам бўлади, шуни кўргани келдим” дедилар.
Намозни ўқиб чиққандан кейин уларни уйга таклиф қилдим. Ўша куни улар уйимда ётиб қолиб, меҳмон бўлишди. Эрталаб Шокиржон ака Қўқонга қайтадиган бўлди. Мен Ёрқинжонга “Ўғлим ҳар куни пешинни ўқиб уйимга келгин, мен ҳам ишдан пешиндан кейин келаман, бирга овқатланамиз ва сен дарсингни шу ерда тайёрлайверасан” дедим.
Масжид билан уйимиз ораси яқин, чамаси тўрт юз метрлар чиқарди. Шундай қилиб Ёрқинжон уйга ҳар куни келиб, овқатланиб, дарсларини тайёрлаб кетадиган бўлди. У хушчақчақ, зийрак, ўта зеҳнли бола эди. Уйда иккаламиз узоқ гаплашиб ўтирардик. У билан гапларимиз қовушиб, яқин қадрдон бўлиб қолгандик. Ўзи ёш бола бўлса ҳам гаплари катталарникидек маъноли эди. Бошқа болаларга ўхшаб шўхлик қилмас, бошини китобдан кўтармасдан тинмай ўқирди. Ваҳоланки, уни биров ўқи деб мажбурламасди. Ўзи илмга қаттиқ муҳаббат қўйганди.
Гулистонга борганда ёшгина нозиккина бола эди. У пайт катта китобларни ўқимасди, лекин олдига бир нечта китобни очиб олиб, ўзи излаган масалани кўриб чиқар ва бир-бирига солиштираверарди.
Унинг фикри-хаёли китобда эди.
Бир куни олдимга келиб, “Амаки фалончининг ўғли отасининг китобларини сотгани олиб чиқибди” деди. Мен: “Олдингми?” десам, “Йўқ, ололмадим” деди. “Нимага, сотиб юбордими” деб сўрадим. У: “Пулим етмади, уйига қайтариб олиб кириб кетти” деди. “Қанча экан?” десам “200 сўм” деди.
У пайтда 200 сўм катта пул эди. Лекин кўрган китоби ҳам анчагина кўп экан. Мен пулни бериб, “камчилигини тўлдириб, тезда бориб, китобларни олиб кел” дедим. У шундай хурсанд бўлиб кетти...
Бироз ўтиб ёнига шерикларини олиб, икки қопдан кўпроқ китобни елкалаб олиб келди...".
Давоми бор...
Каналга уланиш
https://t.me/komillikuz