ОНАСИЗ ҚОЛГАН ЧАҚАЛОҚ .
1 - қисм
Сабрия ўн беш ёшдан ўн олтига ўтишида ҳаммадан хурсанд бўлган унинг сочи бўлдиёв .
Чунки чаққон фаросатлигина қиз парвариш қилган соч чунонам ўсиб бердики .
Соч учи товонини ўпади .
Битта қилиб ўриб , орқага ташлаб қўйган сочи Сабриянинг бир ҳуснига ўн ҳусн қўшдию қизнинг чиройини очиб юборди .
Мактабнинг тўққизинчи синфини эндигина тугатган , ҳали ёш , ҳаттоки болалик ўйинқароқлиги бўлган қизнинг совчилари кўпайиб кетди .
Бу четроқ қишлоқда қизларнинг эрта турмушга бериш одатий ҳол .
Мактабни тугатган қизлар олий ўқув юртига ўқиш ҳақида ўйлашмасди , бунга имкон хам йўқ эди .
Мактаблари ўн бир йиллик эди . Лекин Сабрия тўққизинчи синфни тугатиши билан келаётган совчиларни кўриб отаси узатаман деб қолди .
Куёвликка номзод ҳам дарровгина топила қолди .
Отаси Сабрияни ўзини ўртоғини ўғлига бераман деб қарор қилди .
Қизнинг норози бўлиб қилган йиғи - сиғиси ҳам , онанинг норозилиги ҳам , куёвнинг ҳеч қаерга ишламаслиги , бесўнақай гавдасию феъли оғирлиги ҳам , тўсиқ бўлолмади отасига .
Тақдирига бош эгган Сабрия
йиғлаб йиғлаб ўн олти ёшида ўзидан беш ёш катта йигитга узатилиб кетди .
Мисоли ойдай очилиб , сарвқомат маликалардай келин бўлди қиз .
Онаси қизининг келинлик ярашиб , гулдек очилиб кетган юзига аммо маюс кўзларига қараб изтироб билан йиғлабгина дуо қилди .
--- Илоҳим бахтли бўлгин қизиммм....
Онайизор эрига сўзи ўтмай ёшгина қизини ўзи хохламаган хонадонга узатдию , аллақандай номаълум ҳадикдан юраги ғаш бўлиб қолди .
Уйда ота онаси , иккита укаси билан хотиржамгина яшаб юрган қиз , тушган хонадоннинг рўзғор тутумига ҳам , эрининг ғалати феъл атворига ҳам тушунмай , довдираб қолди .
Янги келинчакнинг кунлари зерикарли ва ҳадикда бошланди .
Сабрия тўйнинг эртаси кунданоқ эри , қайнона , қайнотаси , битта қайнисидан иборат бу оиласида хам тозалик ва пазандалигини кўрсатиш учун ошхонага чиқди .
Тўрт томони девор билан ўралган , бир томони очиқ , битта тандир , иккита қора ўчоқ қилинган , кечагина тўй ўтказилган хонадон бўлсада шифтини ис босган , битта катта қозон тўла ювиқсиз идиш товоқлар қалашиб ётган , битта кичик қора қозон тўла сув тўлдириб қўйилган хонага кириб ҳайрон бўлиб , шошиб қолди .
Уйда ҳеч ким кўринмас , қайнонаси эшик деразаси катта очиқ , пардалари йўқ уйида ухлаб ётибди .
Ишининг тайини йўқ куёв қаёққадир чиқиб кетган , қайниси эса мактабда ўқийди .
Сабрия уйига қайтиб кириб келинлик сарпо кўйлагини одмироқ кийимига алмаштириб , шалоладай сочларини тепага муштдай қилиб йиғиб , ихчам рўмол ўраб чиқди .
Уйдан чиқдию ҳовлига разм солди .
Бир қишлоқ одамлари бўлишгани билан , бу одамларнинг уйини билмасди Сабрия .
Торгина ҳовли , уч хонали пастак уй , унга ёндош томи лойшувоқли омборхона ва ошхона аталмиш ўчоқхона .
Энг ёмони эса молхона , сомохона ва қўйхоналари ҳам шу ҳовлида ва уларнинг эшиклари уй - ҳовли томонда эди .
Бирорта тиккайган дарахт тугул , яшилроқ бир ўт ўлан хам йўқ , тақир ховли қандайдир файзсиз эди .
Сабрия бу уйда нега қора пашша ва чивинлар кўплигига ва киши кўнглини оздургудек бир ҳид борлигига энди тушунгандек бўлди ....
давоми бор ....
ШАХЗОДА САТТОРОВА ✍
19
4
2
1September 5, 2026 742 3