Ўзбекчани билмайдиган ўзбеклар бор!
Бир дард яшар ҳамон оҳу-ноламизда,
Йиллардирки қолиб кетмас қорамизда,
Минг таассуф, бугун бизнинг орамизда,
Ўзбекчани билмайдиган ўзбеклар бор!
Неча йилки, кўнгилларда армон тилим,
Бу армондан юракларим тилим-тилим,
Билурлар, рус, фарангу ҳам олмон тилин,
Ўзбекчани билмайдиган ўзбеклар бор!
Ҳамла бирла хат-у савод ҳатлаб олиб,
Элу-юртга манфаатсиз матлаб олиб,
Тўтиқушдай тўртта сўзни ёдлаб олиб,
Ўзбекчани билмайдиган ўзбеклар бор!
Саҳналарда «юлдуз» бўлиб, жўшиб куйлаб,
Ажабтовур сўзларни ҳам қўшиб куйлаб,
Бир амаллаб ўзбекчада қўшиқ куйлаб,
Ўзбекчани билмайдиган ўзбеклар бор!
Ватан жаннат бўлса, тили битта бўстон,
Шу тил бирла битилгандир мингта достон,
Қулоғинг тут шивирлайман Ўзбекистон,
Ўзбекчани билмайдиган ўзбеклар бор!
Ўлмасбек Самарқандий.
•┈┈┈┈•❈••✾••❈•┈┈┈┈•
Биз билан бирга бўлинг
https://telegram.me/joinchat/EBkeNT8wOXpAsSelKCAtIA

18
15
12026 ж. 21 қазан 12,7 мың 80