ЙЎҚОТМАСДАН ОЛДИН АСРА! Улар қаттиқ жанжаллашиб қолишди. Хотин… — ИБРАТЛИ ДУНЁ — TG.ME

ЙЎҚОТМАСДАН ОЛДИН АСРА!

Улар қаттиқ жанжаллашиб қолишди. Хотин тугунини тугиб, боласини опичлаб, ота уйига жўнади. Эр бир оғиз «қол» демади.

Маҳаллаларига кираверишда, дугонасини учратиб қолди. Дугона «Сени кўриб қолганим яхши бўлди-да, болангни онангга ташлаб, тезроқ чиқ. Бир жанозага бирга бориб келамиз», деди унинг ранг-рўйига ҳам қарамасдан. У ҳам сиқилиб турган эди, бирга боришди.

Кексароқ бўлсада кўхликкина, ўсмали қошлари ҳуснига ҳусн қўшиб турган оппоқ момиқдек аёлнинг дунёни бузиб, «Вой, бегим, вой, азизим!» деб, кўксига муштлаб йиғлаши унга бироз эриш туюлди...

Улар қаттиқ аразлашган эди. Эри ҳам йўқлаб келмади. Ота уйида анча қолиб кетди.

Тасодифми, дугонаси билан етти ой ўтиб, яна ўша хонадонга йил ошига боришди.

Дастурхонда қушнинг сутидан бўлак ҳамма нарса бор, фақат ўша «Бегим, азизим!» деб кўксига уриб йиғлаган гўзал аёл  кўринмасди.

Дугонасидан уни сўради. У эса давра тўрида бир парчагина бўлиб қолган муштипар аёлни кўрсатди. У бир зум лол қолди, юрагидан нимадир узилиб тушгандек бўлди: «Ёлғизликнинг юки қанчалар оғир...».

Уйга келиб, тугунини тугди, боласини олиб, уйига йўл олди: «Айиқ эди, маймоқ эди, эрим эди. Ёриқ эди, юриқ эди, уйим эди...»

•┈┈┈┈•❈••✾••❈•┈┈┈┈•
Яқинларга улашинг!
https://telegram.me/joinchat/EBkeNT8wOXpAsSelKCAtIA
👍27😢6👏2
September 3, 2026 11.2K 4 96