ИБРАТЛИ ДУНЁ: post #79591 — TG.ME

​​ЁРУҒЛИККА ИНТИЛГАН ЗУЛМАТ

Подшоҳдан сўрадилар:
-  Энг катта орзуингиз нима, подшоҳи олам?
-  Қани эди,  бир кеча бўлса-да, салтанат муаммоларини ўйламасдан ором олсам...

Фозилдан сўрадилар:
-  Ҳаётдан нима топдингиз?
-  Ҳикмат ва ибрат...
-  Қандай хулосага келдингиз?
-  Ҳикматсиз ибрат бўлмас, ибратсиз ҳикмат...

Зулматдан сўрашди:
-  Сен нимани соғиниб яшайсан?
-  Ёруғликни.
-  Нимадан қўрқасан?
-  Қоронғуликдан...

Қўрқоқдан сўрашди:
-  Айт-чи, сен нега қўрқасан?
-  Агар ўзим ҳам билганимда эди... 

Етимдан сўрашди:
-  Кимларнинг қадрига етиб ва кимларнинг меҳрига тўйиб бўлмайди?
-  Ота қадрига, она меҳрига...

Бойликдан сўрашди:
-  Сенга нима етишмайди?
-  Халоват ва хотиржамлик...

Тўтидан сўрадилар:
-  Нима кулгингни қистатади?
-  Кишиларнинг менга тақлид қилишлари.

Асаларидан сўрашди?
-  Қанақа армонинг бор?
-  Асалнинг тамини бир марта бўлса-да, татиб кўриш...

Ватандан сўрадилар:
-  Сени нима ўйлантиради?
-  Ота-боболари яшаб ўтган, ҳозирда ўзлари истиқомат қилаётган ва келгусида авлодлари учун ҳам мўътабар маскан бўлмиш ўз юртларига нисбатан одамларнинг бефарқ ва лоқайд бўлишлари...

Ватангадодан сўрадилар:
-  Ушалиши қийин бўлган энг сўнги орзуингиз нима?
-  Қанийди, Ватан йўлида жон фидо қилсам, кошкийди, ўз юртимда вафот этсам, хеч бўлмаганда, вафот этганимда, қабримга юртим тупроғидан бир чимдим ташланса...

Донодан сўрадилар:
-  Ҳаётингни қандай ўтказдинг?
-  Таълим олиш, одоб ўрганиш, ҳикмат йиғиш билан.

Нодондан сўрадилар:
-  Умринг давомида нима иш билан шуғулландинг?
-  Ҳеч ким изламаган ва тополмаган (фойдасиз!) нарсаларни ахтариш билан...

Муҳтарам зотдан сўрашди:
-  Сиз бундай юксак мартабага қандай эришдингиз?
-  Тўрт нарса орқали:
Элимга ва юртимга сидқидилдан хизмат қилдим;
Ишим ва сўзимда ёлғон ва хиёнат аралаштирмадим;
Туз тотган жойим ва ҳурмат кўрган кишиларимга улардан кўпроқ меҳр кўргаздим;
Луқмам ва лафзим ҳалол бўлди.


“Фарзанднома” китобидан.

•┈┈┈┈•❈••✾••❈•┈┈┈┈•
Биз билан бирга бўлинг
https://telegram.me/joinchat/EBkeNT8wOXpAsSelKCAtIA
👍17👎1