📚📖📚АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ ВАЪДАСИ ҲАҚДИР!
1. Мўмин инсон ўзида бор неъматларга шукр қилиб, сабр қилиб, ҳар бир ҳолида ҳам ”АЛҲАМДУЛИЛЛАҲ" деб юрса, Аллоҳ таоло унга бераётган неъматларини кўпайтириб беради.
وَإِذْ تَأَذَّنَ رَبُّكُمْ لَئِن شَكَرْتُمْ لَأَزِيدَنَّكُمْ وَلَئِن كَفَرْتُمْ إِنَّ عَذَابِي لَشَدِيدٌ
Ва Роббингизнинг «Қасамки, АГАР ШУКР ҚИЛСАНГИЗ, АЛБАТТА, СИЗГА ЗИЁДА ҚИЛУРМАН. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир», – деб эълон қилганини ҳам эсланг».
("Иброҳим" сураси, 7-оят)
Куфр келтирганларга эса
шиддатли азоб бериши ҳам ҳақдир....
2. Қайси бир мўмин "Лаа илааҳа иллаллоҳ", "Субҳааналлоҳ",
"Аллоҳу Акбар" каби калималар билан Аллоҳ таолони эслаб–зикр қилиб юрса, Роббул оламийн ўша бандасини яхши кўради.
فَاذْكُرُونِي أَذْكُرْكُمْ وَاشْكُرُوا لِي وَلَا تَكْفُرُونِ
Бас, МЕНИ ЗИКР ҚИЛИНГ, СИЗНИ ЭСЛАРМАН. Ва Менга шукр қилинг, куфр келтирманг.
("Бақара" сураси, 152-оят)
Оятда "сизни эсларман" деб келган иборанинг маъноси шуки, Аллоҳ таолони ҳар доим эслаб–зикр қилиб юрган бандасини У Зот ёлғиз, ҳимоясиз ташлаб қўймайди. Роббини эслаб–зикр қилиб юрган бандаси бирор муаммога дуч келиб қолса, Роббул оламийн унга сўрамаса ҳам
ёрдам бераверади.
3. Қачонки банда Роббига чин дилдан дуо қилиб, ҳокисорлик билан тилагини сўраса, Аллоҳ таоло унинг дуосини албатта ижобат қилади.
وَقَالَ رَبُّكُمُ ادْعُونِي أَسْتَجِبْ لَكُمْ إِنَّ الَّذِينَ يَسْتَكْبِرُونَ عَنْ عِبَادَتِي سَيَدْخُلُونَ جَهَنَّمَ دَاخِرِينَ
Роббингиз: «МЕНГА ДУО ҚИЛИНГ, СИЗГА ИЖОБАТ ҚИЛУРМАН. Албатта, Менинг ибодатимдан кибр қилганлар жаҳаннамга хору зор ҳолларида кирурлар», – деди.
("Ғофир" сураси, 60-оят)
Роббига дуо қилишдан кибри тўсганлар эса, жаҳаннамга ҳам хор-зор ҳолда равона бўлишади.
4. Мўмин банда ҳар доим истиғфор айтиб, ўзи билган-билмаган, қилган-қилмаган гуноҳлари учун тавба қилиб юрса, Аллоҳ таоло у бандасини асло азобламайди, хорликда ташлаб қўймайди.
وَمَا كَانَ اللَّهُ لِيُعَذِّبَهُمْ وَأَنتَ فِيهِمْ وَمَا كَانَ اللَّهُ مُعَذِّبَهُمْ وَهُمْ يَسْتَغْفِرُونَ
Модомики, сен уларнинг ичида экансан, Аллоҳ уларни азобламас. МОДОМИКИ, УЛАР ИСТИҒФОР АЙТАР ЭКАНЛАР, АЛЛОҲ УЛАРНИ АЗОБЛОВЧИ ЭМАС.
("Анфол" сураси, 33-оят)
"Модомики, сен уларнинг ичида экансан" деган жумланинг бир маъноси саҳобаларга оид ва яна бир маъноси шуки, Қиёматгача келувчи мўминлардан ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашиб, оғишмай амал қилиб юрса, бундай бандаларини ҳам Аллоҳ таоло ҳеч азобламайди.