Маънавият манзиллари
ТЕЛЕФОНДА СЎЗЛАШУВ ОДОБИ
Буюк алломаларимиздан бирлари минг хил юмушлари бўлсада, шогирдларига билдирмай масжид ҳожатхоналарини тозалаб қўяр эканлар. Бир кун шогирдлари буни бехос кўриб қолибди:
-- Устоз, бизга буюрсангиз ҳам бўларди-ку?--деса:
--Йўқ, буни бошқага буюриш тугул, кимдир кўриб қолишини ҳам истамайман. Шундай қилиб, ўз кибримни ўлдираман,--деган эканлар.
Улуғлар ҳаётида бу сингари воқеаларни кўплаб учратиш мумкин. Улар улуғлигининг боиси ҳам камтарлиги, ҳокисорлигидандир...
Бугун ҳам орамизда содда, камтарин, тарбияли, маънавиятли ва маърифатли инсонлар жуда кўп. Бундайлар қайси лавозимда, қанчалик банд бўлмасинлар кибрдан йироқ, фаросатли, тарбияланганликлари дарров билинади.
Бу гапларнинг телефондаги сўзлашувларда қандай алоқаси бор, деб ўйлашингиз мумкин.
Ҳаммамиз телефонга боғланиб қолганмиз. Бирор юмушимиз йўқ-ки, шу матоҳсиз ўтса. Оғиримизни енгил, узоғимизни яқин қиладиган телефондан фойдаланиш ҳам кимнинг қанақалигини кўрсатади, қўяди. Айримлар кўпроқ кибри, манманлиги шу дақиқаларда аён бўлади.
Бировга икки мартадан ортиқ қўнғироқ қилмаслик, қилинган қўнғироқларга имкон қадар жавоб қайтариш, банд бўлсангиз, узр сўраш, кейинроқ боғланиш, телефонда бақирмаслик,узундан узоқ гаплашиш ҳолатлари киши маънавияти ва маърифати белгисидир.
Атайлаб телефонни ўчириб қўйиш, умуман жавоб қайтармаслик, одамига ёки амалига қараб муомала қилиш-- кибр, манманликдир.
Аксарият мансаб эгалари (гўё уларга бу курси мангуга бериб қўйилгандек) умуман оддий одамлар қўнғироқлари, ёзганларига жавоб бермайдилар. Дунёнинг бор иши, ташвиши улар зиммасидадек! Ўзларидан бошқалар одам эмасдек.
Ишлари бошларидан ошиб ётган, минглаб кишилар дарди билан яшайдиганлар борки, бирор кишининг қўнғироғи, мурожаатини жавобсиз қолдирмайди. Бундайлар эл дуосини олиб яшайди .
Назардан қолмоқдан ҳам даҳшатлироқ фожеа йўқ! Ким бўлманг, сизни шу тупроқ кўтариб, эл ардоқлаётган экан, Кибр шоҳсупасидан тушинг, дегинг келади.
Биргина телефонда гаплашиш масаласида фикримизни билдирмоқчи бўлдик, аслида ҳар бир ҳаракатимизда, қилаётган ишимиз, муомаламиз, одамлар билан муносабатларимизда ҳам мулойимлик,ҳалимлик--фазилат.
Одамлар эътиборидан қолмай, ҳамиша ҳурмат, эътиборда бўлай, касбу коримдан барака топай десангиз, юқоридагиларга амал қилсангиз, фақат фойдаси ўзингизга асқотади.
Шу бир парча темир матоҳ сабаб, кўнгиллар сингани, оилалар бузилгани, гўзал қадриятларга дарз кетгани аниқ.
Бас, шундай экан ҳаётнинг оддий қонун, қоидаларига риоя қилмоқ даркор.
Саломат ҒАФУРОВА