Намуна маҳалласи: инфратузилмадан иқтисодий тараққиёт сари
Яқин йилларгача Учқўрғон туманининг энг олис ва муаммоли ҳудудларидан бири саналган Намуна маҳалласи бугун мутлақо янги қиёфа касб этмоқда. Илгари аҳолини қийнаган йўл, электр таъминоти ва ичимлик суви билан боғлиқ муаммолар давлат дастурлари ҳамда аҳолининг ҳамжиҳатлиги натижасида босқичма-босқич ҳал этилди.
Сўнгги йилларда маҳаллада барча ички кўчалар асфалтланди, замонавий пиёдалар йўлаклари барпо этилди. Электр тармоқлари ва ичимлик суви инфратузилмаси тўлиқ янгиланди. Натижада маҳалланинг коммуникация тизими замон талабларига мос ҳолатга келтирилиб, аҳоли учун муносиб яшаш шароити яратилди.
Энг муҳими, бугунги кунда эътибор фақат инфратузилмани яхшилаш билан чекланиб қолмаяпти. Энди асосий мақсад — аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш ва маҳаллани камбағалликдан холи ҳудудга айлантиришдир.
Бу борада маҳаллада янги лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Хусусан, тадбиркор Маруфжон Саримсоқов томонидан 2,5 гектар майдонда замонавий лимонария ташкил этилмоқда. Лойиҳа доирасида лимон кўчатлари билан бир қаторда юқори ҳосилдор қулупнай етиштириш йўлга қўйилиб, маҳсулотларни сақлаш учун гигант музлатгич мажмуаси ҳам барпо этилмоқда.
Ушбу инвестиция лойиҳаси нафақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмини оширади, балки аҳоли бандлигини таъминлашга ҳам хизмат қилади. Натижада 10 та доимий ва 70 та мавсумий янги иш ўрни яратилади.
Намуна маҳалласида кечаётган ўзгаришлар Янги Ўзбекистонда маҳаллаларни ривожлантиришнинг янги босқичини яққол намоён этмоқда.
Аввал инфратузилма муаммолари ҳал этилса, бугун иқтисодий фаолликни ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли даромадларини кўпайтириш устувор вазифага айланмоқда. Бу эса маҳаллани нафақат обод, балки фаровон ҳудудга айлантиришнинг мустаҳкам пойдеворидир.
4
1September 5, 2026 2.5K 1 7