APTEKA.UZ: post #54946 — TG.ME

***

Эй, дўстим уч кунлик дунё деб ёнма,
Дарду ҳасратингни олисга ташла.
Эрта не бўлишин билмайсан, тонма,
Бугунни энг сўнгги кунингдек яша.

Иш, рўзғор деб чопиб ҳолдан толасан,
Англасанг ҳар кундан ибрат оласан.
Умр ўтиб кетар, сезмай қоласан,
Бугунни энг сўнгги кунингдек яша.

Юрагингни сиқма арзимас ғамга,
Кўзларинг беҳуда тўлдирма намга.
Қайтиб келмайсан-ку, аҳир оламга.
Бугунни энг сўнгги кунингдек яша.

Иймонинг бут қилиб ибодатда бўл,
Эзгулик йўлида, ҳидоятда бўл.
Мазлумга қўл чўзиб ҳимоятда бўл,
Бугунни энг сўнгги кунингдек яша.

Яшашдан мақсад не, ўйлагин бир зум,
Умрингни ғамларга айлама маҳкум.
Кулиб юр, ярашар ахир табассум,
Бугунни энг сўнгги кунингдек яша.

Уйингни бахт, шодлик турсин тўлдириб,
Куйма, фақат юргин кулиб, кулдириб.
Савоб ишлар учун қолгин улгуриб,
Бугунни энг сўнгги кунингдек яша.

Лек қилган амалинг бўлмасин риё,
Киприкдаги ёшдек омонат дунё.
Ижарада турган меҳмонмиз гўё,
Бугунни энг сўнгги кунингдек яша.

Дилобар Ўролова

👉 @Aptekamuz - тиббиётдан табобатгача ёритувчи канал!
❤7