Томирларни тозалаш» ва «профилактика» учун капельницалар: фойдами ёки… — dr.mukhammaddior — TG.ME

​​💉 «Томирларни тозалаш» ва «профилактика» учун капельницалар: фойдами ёки хавфли хомхаёл?
«Баҳор ва кузда албатта капельница олиш керак», «томирларни тозалаш лозим», «мия фаолиятини яхшилаш керак» — бу жумлаларни танишлардан, баъзида эса муолажа хоналарида тез-тез эшитамиз. Одамлар орасида капельница гўёки энг самарали ва «кучли» даволаш усулидек қабул қилинади.
Реаниматолог-шифокор сифатида, ҳар куни томир ичи муолажалари билан ишлайдиган мутахассис сифатида очиғини айтаман: тиббиётда «томирларни тозалаш» деган тушунчанинг ўзи йўқ.
Келинг, бу жараён физиология ва исботли тиббиёт (Evidence-Based Medicine) нуқтаи назаридан аслида қандай ишлашини кўриб чиқамиз.
1. Томирлар — сув қувури эмас
Атеросклеротик бляшкалар (ёғ тўпламлари) — бу сув билан ювиб ташлаш мумкин бўлган кир ёки занг эмас. Бляшка артериянинг ички девори остида жойлашади. Томир ичига юбориладиган ҳеч бир эритма (капельница) томир деворини вайрон қилмасдан, бляшкани «эризиб» ёки ювиб юбора олмайди.
2. Аслида капельница нима учун керак?
Реанимация ва стационарда вена ичига суюқлик юбориш инсон ҳаётини сақлаб қолади. Лекин бунинг учун аниқ кўрсатмалар бўлиши шарт:
Оғир сув йўқотиш (обезвоживание) ёки қон йўқотиш;
Оғир шок ва интоксикация ҳолатлари;
Ошқозон-ичак орқали сўрилмайдиган ёки зудлик билан таъсир қилиши керак бўлган дориларни юбориш (масалан, инфаркт ёки критик ҳолатларда).
Агар инсон мустақил равишда сув ича олса ва таблеткани юта олса, унга капельницанинг кераги йўқ.
3. «Профилактик» капельницаларнинг хавфи нимада?
Юрак ва қон босимига ортиқча юклама: 200–500 мл эритмани венага юбориш — қон айланиш ҳажмини сунъий оширади. Юрак етишмовчилиги ёки гипертонияси бор одамларда бу қон босимининг кескин кўтарилишига ва шишларга олиб келиши мумкин.
Муолажа хавфлари: Венани тешиш — бу ҳар доим гематома, флебит (вена яллиғланиши) ва инфекция тушиш хавфидир.
Даволаниш иллюзияси: Одам вақти ва пулини бесамар капельницаларга сарфлаётган бир пайтда, хавфнинг асл сабаби (масалан, юқори қон босими ёки холестерин) эътиборсиз қолиб кетаверади.
Томирларни аслида қандай ҳимоя қилиш керак?
Исботли тиббиёт фақат қуруқ ваъда берадиган эмас, балки аслида ишлайдиган қадамларни таклиф этади:
Қон босимини назорат қилиш (130/80 мм рт. ст. дан паст).
Липид профилини назорат қилиш (биринчи навбатда — ЛПНП, яъни «ёмон» холестерин даражасини). Агар бляшкалар мавжуд бўлса, уларни барқарорлаштириш учун фақат таблетка кўринишидаги статинлар ёрдам беради, капельницалар эмас.
Чекишни ташлаш ва жисмоний фаоллик.
Агар сизга ёки яқинларингизга яна «профилактика учун капельница олиш» тавсия этилса, шуни ёдда тутинг: томирлар соғлиғи йилда икки марта муолажа хонасида эмас, ҳар кунлик тўғри турмуш тарзи ва таҳлиллар назорати билан сақланади.
💬 Сизга ёки яқинларингизга илгари «томирларни тозалаш»ни таклиф қилишганми? Шарҳларда бўлишинг!
❤1
September 4, 2026 17