Ассалому алайкум, ҳурматли Беҳзод Мусаев.
Сизга катта умид ва ишонч билан мурожаат қилган эдим. Чунки раҳбар сифатида мурожаатимни шахсан кўриб чиқасиз, вазиятни холис ўрганасиз ва адолатли қарор қабул қиласиз, деб ўйлагандим. Аммо афсуски, Сизнинг ўринбосарингиз имзоси билан юборилган жавоб хатини олгач, катта умидларим пучга чиқди.
Энг ачинарлиси, мен кўтарган масалаларнинг моҳиятига умуман эътибор қаратилмаган. Менга нисбатан йўл қўйилган ҳурматсизлик, вақтимнинг беҳуда сарф қилингани ва нотўғри маълумотлар берилгани ҳақидаги саволларим жавобсиз қолдирилган.
Бундан ташқари, ходимингиз Бобир Валиев мен билан боғланганда муаммони холис ўрганиш ўрнига, фақат мени айблашга уринди. Сизга Олим Кодиров деган валломатингизни хам эслатмокчиман. Давлат хизматчисининг вазифаси фуқарони айблаш эмас, ҳақиқатни аниқлаш ва қонун доирасида адолатни таъминлашдир.
Мен Сизга қуйидаги саволларни яна бир бор бераман:
— Нега менинг вақтим беҳуда олинди?
— Нега Канадага ишга юбориш масаласида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар расмий тарзда тақдим этилди?
— Нега мурожаатим юзаки кўриб чиқилиб, унда келтирилган далилларга муносабат билдирилмади?
Мен бу масалани шунчаки ёпиб қўймоқчи эмасман. Чунки бу фақат менинг муаммоим эмас. Агар бугун бу ҳолатга кўз юмсам, эртага яна ўнлаб, балки юзлаб фуқаролар ҳам худди шундай муносабатга дуч келиши мумкин.
Менинг курашим шахсий манфаат учун эмас. Мен давлат идоралари фуқароларга нисбатан очиқлик, масъулият ва ҳурмат билан муносабатда бўлишини истайман. Конституциямиз ва қонунларимиз ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишини белгилайди. Амалда ҳам шу тамойилларга риоя қилиниши шарт.
Мен ушбу масалани қонун доирасида охиригача етказаман. Зарур бўлса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ва бошқа ваколатли давлат органларига ҳам мурожаат қиламан. Менга фақат ҳақиқат, адолат ва қонуний муносабат керак.
Мен Сиз билан шахсан мулоқот қилиб, фикрларимни билдирмоқчи эдим. Афсуски, бундай имконият бўлмади яни менсимадингиз.
Ҳар қандай лавозим вақтинчалик, аммо инсоннинг виждони, обрўси ва халқ ишончи доимий қадриятдир. Раҳбарнинг ҳақиқий кучи эгаллаб турган лавозимида эмас, балки халқ дардини эшитишида ва адолатли қарор қабул қила олишидадир.
Худо шоҳид. Ҳаётда ҳар бир ишнинг жавоби бор. Русларда яхши бир мақол бор: «Что ни делается — всё к лучшему». Яъни, «Нима бўлса ҳам, яхшиликка».
Ҳурмат билан,
Обидхон Мамадалиев