Ўзбекистонда шифокорлар учун давлат рўйхатидан ўтиш тизими жорий… — Bor gap! | Расмий канал — TG.ME

❗️Ўзбекистонда шифокорлар учун давлат рўйхатидан ўтиш тизими жорий этилади

2027 йилдан бошлаб шифокор ва фармацевтлар учун давлат рўйхатидан ўтиш ихтиёрий тартибда амалга оширилади. 2030 йилдан эса бу талаб мажбурий бўлади. Рўйхатдан ўтмаган мутахассисларга тиббий ва фармацевтика фаолияти билан шуғулланишга рухсат берилмайди.

Шавкат Мирзиёев тиббий ва фармацевтика кадрларини тайёрлаш, шунингдек, уларни давлат рўйхатидан ўтказиш тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.

Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида мутахассисларнинг билим ва касбий тайёргарлигини мустақил баҳолаш тизими жорий этилади.

Бунинг учун тиббиёт ва фармацевтика соҳасидаги барча ходимларни қамраб олувчи ягона электрон реестр шакллантирилади. У 16 та ахборот базаси билан интеграция қилиниб, мутахассисларнинг маълумоти, малакаси ва касбий фаолияти ҳақидаги маълумотларни бир жойда жамлайди.

Мутахассисларни баҳолаш босқичма-босқич амалга оширилади. Дастлаб фундаментал ва клиник фанлар бўйича, кейин эса мутахассислик бўйича имтиҳон ўтказилади. Бунинг учун ягона тест ва топшириқлар базаси ҳамда замонавий симуляция марказлари ташкил этилади.

Имтиҳондан ўта олмаган мутахассисларга қайта топшириш имконияти берилади.

Янги тизимга эртароқ ва ихтиёрий равишда қўшилган ходимларни рағбатлантириш ҳам режалаштирилган. Хусусан, имтиҳонни муваффақиятли топшириб, 2027–2030 йиллар оралиғида давлат реестрига киритилган олий маълумотли шифокор ва фармацевтларга минимал иш ҳақининг 5 бараваригача, ўрта тиббий ва фармацевтика бўғини ходимларига эса 2,5 бараваригача устама белгилаш таклиф этилмоқда.

Мутахассисларни давлат рўйхатидан ўтказиш ва уларнинг малакасини баҳолашни ташкил этиш учун алоҳида марказ ҳам ташкил этилади.

👇
https://t.me/joinchat/AAAAAFlbEga5bsBVXTXvwQ
September 5, 2026 30.6K 2 30